ЦEНТР ПЕРЕПОДГОТОВКИ И ПОВЫШЕНИЯ КВАЛИФИКАЦИИ РАБОТНИКОВ, ОСУЩЕСТВЛЯЮЩИХ ДЕЯТЕЛЬНОСТЬ В СФЕРЕ ЭКОЛОГИИ И ОХРАНЫ ОКРУЖАЮЩЕЙ СРЕДЫ РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН

O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI EKOLOGIYA VA ATROF-MUHITNI MUHOFAZA QILISH DAVLAT QO’MITASI HUZURIDAGI ATROF-MUHITNI MUHOFAZA QILISH SOHASIDA FAOLIYAT KO’RSATAYOTGAN ХODIMLARNI QAYTA TAYYORLASH VA ULARNING MALAKASINI OSHIRISH MARKAZI

Ilg'or ta'lim texnologiyalari

Jahon standartlari



Коррупцияга қарши курашиш бўйича онлайн маънавий-маърифий учрашув

 

 

2020 йил 14 декабрь куни Давлат экология қўмитасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, жумладан қонунчилик, одоб-ахлоқ қоидалари ва ички тартибга риоя этилишини таъминлашга қаратилган онлайн маънавий-маърифий учрашув ўтказилди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлигиЎзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси ҳамда Тошкент табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси вакиллари иштирок этдилар.

 

 

Таъкидланганидек, коррупцияга қарши кураш дунё миқёсида бугунги кунинг энг долзарб масалаларидан бир бўлиб қолмоқда. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш доирасида қатор дастурлар қабул қилинди ва улар бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, коррупцияга қарши самарали кураш олиб бориш мақсадида 2017 йил 3 январда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қабул қилиниши – давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши куч ва имкониятларини бирлаштириб, яхлит тизимни яратиш имконини берди.

Мазкур қонуннинг 5-моддасида кўра, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида:

– аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

– давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирларни амалга ошириш;

– коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш белгиланди.

Давлат экология қўмитаси тизимида бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш бўйича бир қатор ташкилий-амалий ишлар бажарилди.

Биринчидан, Қўмита тизимида касбий одоб-ахлоқ принциплари ва хулқ-атвор қоидаларини белгилаш, тизим ходимлари орасида ҳуқуқбузарликларни олдини олишга қаратилган «Ходимларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида» Қўмита раисининг буйруғи қабул қилинди.

Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига мувофиқ табиатни муҳофаза қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатлари бузилишини (ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш билан боғлиқ аниқланган қонун бузилишлари бундан мустасно) аниқлаган экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат инспекторлари ва бошқа шахсларни юридик ҳамда жисмоний шахслардан Жамғармага ундириладиган жарима ва пул маблағлари суммасининг 15 фоизи миқдорида мукофотлаш белгиланган.

Шу билан бирга ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида Қўмита тизимидаги ҳудудий ва туман (шаҳар) инспекциялар фаолияти жараёнларини автоматлаштириш ҳамда ягона маълумотлар базасини шакллантириш юзасидан ишлар олиб борилмоқда.

Учинчидан, Қўмита тизимида рухсат бериш тартиб-таомилида коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик мақсадида табиатдан фойдаланиш соҳасида юридик ва жисмоний шахсларга «ягона дарча» марказлари орқали электрон шаклларда рухсатномалар берилмоқда.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ атроф муҳитга таъсирни баҳолаш юзасидан давлат экологик экспертизасини ўтказиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга доир муҳим қарорларни қабул қилишда шаффофликни таъминлаш учун жамоатчиликни кенг жалб қилиш, коррупцияга қарши курашиш мақсадида атроф муҳитга таъсирни баҳолаш лойиҳаларини жамоатчилик эшитувларидан ўтказиш тартиби ва давлат экологик экспертизасидан ўтказишнинг электрон ҳужжат алмашинуви тизими жорий этилди.

Ихтисослаштирилган прокуратура томонидан 251 та ер ва ердан, 32 та сув ва сувдан, 3 та ер ости фойдали қазилмаларидан фойдаланишларда, 1 та ўсимлик дунёси ва ундан фойдаланиш, 18 та чиқиндилар, 24 та муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар, 3 та туризм соҳасини ривожлантиришга оид қонунлар ижроси бўйича қонунбузилиши ҳолатлари аниқланган.

Жумлдан, Бўстонлиқ туман бўйича 251 та ҳолатда 32 гектар ер майдони, яъни 27,8 гектар қишлоқ хўжалиги, 1,67 гектар ўрмон фонди, 2 гектар аҳоли пунктларидаги ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгалланганлиги ва ноқонуний қурилмалар қурилганлиги аниқланган.

Аниқланган қонунбузилиши ҳолати бўйича 3,3 гектар ер майдонидаги қурилмалар буздирилган.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисидаги қонунлар ижроси ўрганилганда, Бўстонлиқ туманнинг «Янгиқўрғон» МФЙ ҳудудидаги Бурчимулло ўрмон хўжалигига қарашли 1 гектар ер майдонида ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, 4 та уй-жой қурилганлиги аниқланганлиги ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Шунингдек, Тошкент туманидаги «Гранд милк» МЧЖ томонидан ўсимлик дунёси ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун талаблари бузилиб, 41 туп 1,5 млрд сўмга тенг манзарали дарахтлар ноқонуний кесиб ташланганлиги аниқланган. Шу каби ҳолатлар Бўстонлиқ ва Қибрай туманларида ҳам аниқланган.

Жумладан, Салар каналининг Зангиота туманидан оқиб ўтувчи қисмида сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисидаги қонунлар ижроси текширилганида, юридик ва жисмоний шахслар томонидан 19 та ноқонуний қурилмалар қурилганлиги, 11 та ҳолатда оқова сувлари каналга ташланганлиги ҳолатлари бўйича 11 та расман огоҳлантириш, 6 та маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш қўзғатилган.

Соҳада назорат тадбирларини самарали ташкил этиш мақсадида, прокуратура ва экология ходимларини билими ва касбий малакасини ошириш борасида Бош прокуратура Академияси ҳамда Экология ва атроф– муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси билан ҳамкорликдаги чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Бош прокуратура академиясиИхтисослаштирилган прокуратура ва Экология давлат қўмитаси томонидан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид қонунлар ижроси устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, ҳуқуқбузарликларни қайд этиш ва уларга нисбатан чора кўриш жараёнини шаффофлаштириш, ҳуқуқбузарликларга нисбатан чора кўриш жараёнидаги коррупция ҳолатлари ва инсон омилига чек қўйиш, давлат ва жамоатчи инспекторлар малакасини ошириш мақсадида, электрон мобил илова яратилмоқда.

 

 

Давлат экология қўмитаси

Матбуот хизмати