ЦEНТР ПЕРЕПОДГОТОВКИ И ПОВЫШЕНИЯ КВАЛИФИКАЦИИ РАБОТНИКОВ, ОСУЩЕСТВЛЯЮЩИХ ДЕЯТЕЛЬНОСТЬ В СФЕРЕ ЭКОЛОГИИ И ОХРАНЫ ОКРУЖАЮЩЕЙ СРЕДЫ РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН

O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI EKOLOGIYA VA ATROF-MUHITNI MUHOFAZA QILISH DAVLAT QO’MITASI HUZURIDAGI ATROF-MUHITNI MUHOFAZA QILISH SOHASIDA FAOLIYAT KO’RSATAYOTGAN ХODIMLARNI QAYTA TAYYORLASH VA ULARNING MALAKASINI OSHIRISH MARKAZI

Ilg'or ta'lim texnologiyalari

Jahon standartlari



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

Қарори

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида

Сўнгги йилларда республикада экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш, чиқиндиларнинг инсонлар соғлиғига зарарли таъсирининг олдини олиш, шунингдек, ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қулай шароитлар яратиш мақсадида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида техник ва технологик жараёнлар оқибатида юзага келаётган муаммоларни ҳал этишга янги ёндашувларни жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Республика шаҳар ва туманларида санитария жиҳатидан тозалашнинг мутлақо янги тузилмаси яратилди. Барча жойларда давлат-хусусий шериклик шароитида замонавий технологияларни қўллаган ҳолда чиқиндиларни тўплаш, ташиш ва қайта ишлаш кластерларини ташкил этишни назарда тутувчи чиқиндиларни комплексли бошқариш тизими жорий этилмоқда.

Шу билан бирга, ўтказилган таҳлил давомида белгиланган вазифаларнинг тегишли даражада амалга оширилишини, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ислоҳотларни белгиланган суръатларда ва самарали амалга оширилишига тўсқинлик қилувчи қатор омиллар мавжудлиги аниқланди, хусусан:

биринчи, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг (кейинги ўринларда Давлат экология қўмитаси деб юритилади) функциялари ва ваколатлари ҳаддан зиёд марказлашган;

иккинчи, Давлат экология қўмитаси инспекциявий фаолиятининг ягона вертикали мавжуд эмаслиги ҳайвонот ва ўсимлик дунёси объектларидан ноқонуний фойдаланишга қарши курашишни самарали олиб бориш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш имконини бермаяпти;

учинчи, санитария жиҳатидан тозалаш соҳасидаги субъектларнинг ташкилий, техник, иқтисодий ва ишлаб чиқариш фаолияти етарли даражада мувофиқлаштирилмаяпти;

тўртинчи, экологик тарғиботни ташкил этиш ва олиб бориш бўйича самарали механизмларнинг йўқлиги мазкур йўналишда ижтимоий реклама ва амалга оширилаётган ахборот-тушунтириш ишларининг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда;

бешинчи, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тизимига, шу жумладан атроф-муҳит ҳолатини моделлаштириш ва прогнозлаштиришда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари етарли даражада жорий этилмаяпти.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини таъминлаш, қулай экологик ҳолатни барқарор сақлаш, ҳудудий тузилмалар самарадорлигини ошириш мақсадида, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясига мувофиқ:

  1. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси таркибида:

Биохилма-хиллик ва муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ва Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, тўпланиши, сақланиши, ташилиши, утилизация қилиниши, қайта ишланиши, кўмилиши ва реализациясини назорат қилиш инспекцияси негизида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси (кейинги ўринларда — Инспекция);

Санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмаси (кейинги ўринларда — Республика бирлашмаси);

Ахборот-коммуникация технологиялари ва биллинг тизимини жорий этиш ва ривожлантириш маркази негизида давлат унитар корхонаси шаклида Экологик ахборот, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва мультимедиа маркази (кейинги ўринларда — Марказ) ташкил этилсин.

  1. Давлат экология қўмитасининг ҳудудий бўлинмаларини мустаҳкамлаш, шу жумладан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман (шаҳар) инспекцияларини қўшимча таъминлаш мақсадида унинг тизимига 404 штат бирлиги киритилсин.

Белгилансинки, қўшимча киритилаётган штатлар бирлигини давлат санитария-эпидемиология назорати марказларида штатлар сонини кераклигича қисқартирган ҳолда, уларни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда давлат санитария-эпидемиология назорати марказлари штат бирликларининг қисқаришини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларининг штат нормативларини қайта кўриб чиқсин.

  1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ташкилий тузилмаси ва марказий аппарати тузилмаси 1 ва 2-иловаларга мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасининг тузилмаси ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3 ва 4-иловаларга мувофиқ;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман (шаҳар) инспекцияларининг намунавий тузилмаси 5-иловага мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмасининг ташкилий тузилмаси ва аппарати тузилмаси 6 ва 7-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.

  1. Давлат экология қўмитаси раисига:

зарур ҳолларда, Давлат экология қўмитасининг марказий аппарати, ҳудудий органлари, шунингдек, унинг тизимига кирувчи ташкилотлар тузилмасига ходимларнинг чекланган умумий сони доирасида белгиланган тартибда ўзгартиришлар киритиш;

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармаси маблағлари, шунингдек, бюджетдан ташқари маблағлар бошқа ҳисобидан Давлат экология қўмитаси органларининг штат бирликларига чекланган умумий соннинг 15 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда қўшимча штат бирликларини жорий қилиш ҳуқуқи берилсин.

  1. Қуйидагилар:

а) Инспекция фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:

ер, ер ости бойликлари, сув, ўрмонлар, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат экологик назоратини амалга ошириш;

ўсимлик ва ҳайвонот дунёси объектларининг мавжуд бўлиши, турларининг хилма-хиллигини, табиий туркумлари яхлитлигини ва уларнинг яшаш муҳитини сақлаш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга ошириш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорликда маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасидаги амалий тизимни самарали ташкил этиш;

чиқиндиларни йиғиш пунктларини ташкил этиш, уларни ўз вақтида олиб чиқиш, рухсат этилмаган чиқиндихоналарнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик, чиқинди полигонларини бошқариш, уларни утилизация қилиш, қайта ишлаш, кўмиш ва реализация қилишни белгиланган тартибда назоратга олишни ташкил этиш;

фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан жамоат экологик назоратини амалга оширишда ҳамкорлик қилиш;

б) Республика бирлашмаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:

маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида хизматлар кўрсатишга ихтисослаштирилган давлат унитар корхоналарининг молиявий-хўжалик фаолиятини мувофиқлаштириш;

ҳаракатдаги таркибга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишларини бажариш, шунингдек, санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси объектларини қуриш, модернизация ва реконструкция қилиш бўйича ташкилий-техник тадбирларни мувофиқлаштириш;

маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш ҳолатини тизимли мониторинг ва таҳлил қилиш;

ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш, шу жумладан электрон тўлов тизимларидан кенг фойдаланиш ишларини ташкил этиш;

иккиламчи ресурсларнинг хўжалик айланмасига жалб қилинишини рағбатлантириш бўйича устувор йўналишларни, шунингдек, маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш бўйича илғор технологияларни жорий этиш;

инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда халқаро ва миллий органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

в) Марказ фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида автоматлаштирилган ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базасини яратиш, ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларни давлатнинг бошқа органлари тизимлари билан изчил интеграциялаштириш, ривожлантириш ва олиб бориш, Давлат экология қўмитаси ахборот тизимлари хавфсизлигини таъминлаш;

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат кадастрини, шунингдек, ёввойи ҳайвонлар ҳамда ёввойи ҳолда ўсадиган ўсимликларни кўпайтириш ва сақлаш бўйича питомникларни, зоология ва ботаника коллекциялари давлат ҳисобини юритишнинг автоматлаштирилган тизимини яратиш, ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга оширишнинг мониторинги, таҳлили ва ҳолатини баҳолаш жараёнига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, атроф-муҳит ҳолатини моделлаштириш ва прогноз қилиш бўйича дастурий маҳсулотларини яратиш;

замонавий технологиялар ва ижодий ёндошишлардан бевосита фойдаланган ҳолда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг жамоатчилик хабардорлигини оширишга қаратилган ахборот-таҳлил ва обзорли медиа материалларини тайёрлаш, экологик маданиятни ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг ўз вақтида олдини олиш;

тайёрланадиган ахборот-таҳлил ва обзорли медиа материалларини тезкорлик билан тарқатиш учун маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш.

  1. Давлат экология қўмитаси раиси (Б.Кучкаров) зиммасига:

янги ташкил этилаётган бўлинмалар штатларини ва жорий этилаётган лавозимларни малакали соҳа мутахассислари билан тўлдиришни таъминлаш;

ушбу қарор талабларидан келиб чиқиб, Давлат экология қўмитаси тизимининг, биринчи навбатда, ташкил этилаётган Инспекция, Республика бирлашмаси ва Марказ фаолиятини самарали ташкил этиш;

Давлат экология қўмитаси тизими ходимлари фаолиятининг натижадорлигини тизимли танқидий таҳлил қилиш ва юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилиши учун уларнинг жавобгарлигини ошириш чораларини кўриш юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.

  1. «Тоза ҳудуд» ва «Махсустранс» давлат унитар корхоналарининг Давлат экология қўмитаси томонидан ҳар йили тасдиқланадиган харажатлар сметаси доирасидаги ажратмалари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Республика бирлашмаси фаолиятини;

товарларни (ишлар, хизматлар) сотишдан олинган маблағлар, Давлат экология қўмитасининг бюджетдан ташқари маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Марказ фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.

Давлат экология қўмитаси ва унинг тузилмавий бўлинмаларига Марказ билан хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) учун тендер (танлов) савдолари ўтказмасдан шартномалар тузишга рухсат берилсин.

  1. Давлат экология қўмитаси оператив бошқарув ҳуқуқи ва Марказ беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш илмий-тадқиқот институтининг Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани, Бунёдкор шоҳ кўчаси, 7а-уйда;

Республика бирлашмаси Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Сайрам кўчаси, 15-уйда беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирсин.

  1. Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасини оператив бошқарув ҳуқуқи асосида жойлаштиришни таъминласин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда туман (шаҳар) экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекциялари жойлаштирилишини таъминласин.

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 21 апрелдаги ПҚ-2915-сон қарорига 8-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
  2. Давлат экология қўмитаси:

а) Республика бирлашмаси ва Марказ уставларини тасдиқласин, шунингдек, уларнинг белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;

б) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига:

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси тўғрисидаги низом лойиҳасини;

бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда Давлат экология қўмитаси тизими ходимларининг меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби тўғрисида;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида;

икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган товарларни ихтиёрий экологик маркировка қилиш тизимини жорий қилиш тўғрисида таклифларни;

уч ой муддатда «Экологик аудит тўғрисида»ги ва «Экологик экспертиза тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини;

2019 йил 1 мартга қадар Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш Миллий концепцияси, Қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси ва 2020 — 2045 йилларда биологик хилма-хилликни сақлаш стратегияси лойиҳаларини киритсин.

  1. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,

2018 йил 3 октябрь,

ПҚ-3956-сон

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 октябрдаги ПҚ-3956-сон қарорига
1-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

Олдинги таҳрирга қаранг.

* Бюджетдан ташқари маблағлар, шунингдек хўжалик фаолиятидан олинган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади;

** Янги ташкил этилаётган муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар.

(1-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги ПҚ-4247-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.03.2019 й., 07/19/4247/2801-сон)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 октябрдаги ПҚ-3956-сон қарорига
2-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси марказий аппарати

ТУЗИЛМАСИ

Олдинги таҳрирга қаранг.

Бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони — 98 бирлик.

(2-илова Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги ПҚ-4247-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 21.03.2019 й., 07/19/4247/2801-сон)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 октябрдаги ПҚ-3956-сон қарорига
3-ИЛОВА

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси

ТУЗИЛМАСИ

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони — 186 нафар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 октябрдаги ПҚ-3956-сон қарорига
4-ИЛОВА

Вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари

НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ

Ҳудудлар номланиши Бошқарув ходимларининг умумий сони (дона) шундан: Ҳудудлар номланиши Бошқарув ходимларининг умумий сони (дона) шундан:
марказий аппарат *туманлар (шаҳарлар) бўйича давлат инспекторлари марказий аппарат *туманлар (шаҳарлар) бўйича давлат инспекторлари
Андижон вилояти 163 50 113 Сурхондарё вилояти 151 46 105
Бухоро вилояти 154 46 108 Сирдарё вилояти 124 44 80
Жиззах вилояти 153 48 105 Тошкент вилояти 215 53 162
Қашқадарё вилояти 176 49 127 Фарғона вилояти 195 54 141
Навоий вилояти 133 44 89 Хоразм вилояти 133 45 88
Наманган вилояти 143 46 97 Тошкент шаҳри 103 44 59
Самарқанд вилояти 178 49 129 Жами: 2 021 618 1 403

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 октябрдаги ПҚ-3956-сон қарорига
5-ИЛОВА

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича туман (шаҳар) инспекцияси

НАМУНАВИЙ ТУЗИЛМАСИ

Ҳудудлар номланиши Туманлар (шаҳарлар) бўйича давлат инспекторлари Ҳудудлар номланиши Туманлар (шаҳарлар) бўйича давлат инспекторлари
Қорақалпоғистон Республикаси 137 Сурхондарё вилояти 105
Андижон вилояти 113 Сирдарё вилояти 80
Бухоро вилояти 108 Тошкент вилояти 162
Жиззах вилояти 105 Фарғона вилояти 141
Қашқадарё вилояти 127 Хоразм вилояти 88
Навоий вилояти 89 Тошкент шаҳри 59
Наманган вилояти 97
Самарқанд вилояти 129 Жами: 1 540

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 октябрдаги ПҚ-3956-сон қарорига
6-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмаси

ТАШКИЛИЙ ТУЗИЛМАСИ

Изоҳ. Республика бирлашмаси таркибига санитар тозалаш нодавлат ихтисослаштирилган корхоналар ҳамда маиший чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб ташлаш, ташиш, саралаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш кластерлари ихтиёрий равишда шартнома асосида кириши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 октябрдаги ПҚ-3956-сон қарорига
7-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳузуридаги Санитар тозалаш бўйича ихтисослаштирилган корхоналар республика бирлашмаси аппарати

ТУЗИЛМАСИ

Умумий чекланган сон — 25 нафар, шундан бошқарув ходимлари — 4 нафар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 октябрдаги ПҚ-3956-сонли қарорига
8-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2915-сон қарорига киритилаётган ўзгартиришлар

  1. 2-банднинг иккинчи — саккизинчи хатбошилари чиқариб ташлансин;
  2. 3 ва 4-бандлар, шунингдек, 5-банднинг «а» ва «в» кичик бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
  3. 1 — 9-иловалар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

 

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 05.10.2018 й., 07/18/3956/1994-сон; 21.03.2019 й., 07/19/4247/2801-сон)