ЦEНТР ПЕРЕПОДГОТОВКИ И ПОВЫШЕНИЯ КВАЛИФИКАЦИИ РАБОТНИКОВ, ОСУЩЕСТВЛЯЮЩИХ ДЕЯТЕЛЬНОСТЬ В СФЕРЕ ЭКОЛОГИИ И ОХРАНЫ ОКРУЖАЮЩЕЙ СРЕДЫ РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН

O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI EKOLOGIYA VA ATROF-MUHITNI MUHOFAZA QILISH DAVLAT QO’MITASI HUZURIDAGI ATROF-MUHITNI MUHOFAZA QILISH SOHASIDA FAOLIYAT KO’RSATAYOTGAN ХODIMLARNI QAYTA TAYYORLASH VA ULARNING MALAKASINI OSHIRISH MARKAZI

Ilg'or ta'lim texnologiyalari

Jahon standartlari



Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг

Қарори

Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлигига номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

[Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2018 йил 21 июлда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3041]

Ўзбекистон Республикасининг «Экологик назорат тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 октябрдаги 287-сон «Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга доир намунавий низомларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси қарор қилади:

  1. Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлигига номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Раис Б. КУЧКАРОВ

Тошкент ш.,

2018 йил 26 июнь,

6-сон

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2018 йил 26 июндаги 6-сон қарорига
ИЛОВА

Экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлигига номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 октябрдаги 287-сон «Жамоатчилик экологик назоратини амалга оширишга доир намунавий низомларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлигига номзодларни (бундан буён матнда номзодлар деб юритилади) махсус тайёргарликдан ўтказиш тартибини белгилайди.

1-боб. Умумий қоидалар

  1. Номзодлар экологик назоратнинг жамоатчи инспектори бўлиш учун махсус тайёргарликдан ўтишлари лозим.
  2. Махсус тайёргарликдан ўтказиш номзодларни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида фаолият юритиши учун зарур ва етарли бўлган ҳажмдаги билим ва кўникмаларни ўзлаштиришига кўмаклашиш мақсадида амалга оширилади.
  3. 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари махсус тайёргарлик курсларига қабул қилинади.
  4. Номзодлар махсус тайёргарликдан бепул ўтказилади.
  5. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси (бундан буён матнда Қўмита деб юритилади) номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш соҳасида:

номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказишга доир тадбирларни, таълим мазмуни ва сифатига қўйиладиган талабларни белгилайди;

номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш бўйича ўқув-режа ва дастурларни тасдиқлайди;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари билан жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш масалаларида, экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари тизимини шакллантиришда ҳамкорлик қилади.

  1. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш тадбирларини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Қўмитанинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг кадрларни махсус тайёрлаш учун мақсадли бадаллари, ҳомийлик хайриялари, номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш учун жалб этиладиган грантлар ҳисобидан амалга оширилади.

2-боб. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш

  1. Экологик назоратнинг жамоатчи инспектори бўлиш истагини билдирган номзодлар яшаш жойидаги фуқаролар йиғинларининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш комиссияларига (бундан буён матнда Комиссия деб юритилади) ёки экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотига ариза билан мурожаат қилади.
  2. Номзоднинг аризаси Комиссия йиғилишида ёки экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ экологик назорат соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларидан бирининг вакили иштирокида кўриб чиқилади.
  3. Фуқаронинг номзоди маъқулланган тақдирда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи ёки нодавлат нотижорат ташкилоти (бундан буён матнда буюртмачи деб юритилади) Қўмита ҳузуридаги Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказига (бундан буён матнда Марказ деб юритилади) номзодни махсус тайёргарлик курсларига юбориш тўғрисида расмий хат киритади.
  4. Расмий хатга қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

номзоднинг паспорти нусхаси;

номзодни махсус тайёргарлик курсларига юбориш тўғрисида Комиссия йиғилиши баённомаси ёки нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари буйруғидан кўчирма;

буюртмачининг буюртмаси.

  1. Марказ жойлардаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб тақдим этилган буюртмалар асосида махсус тайёргарлик курсларидан ўтиши лозим бўлган номзодлар рўйхатини шакллантиради, махсус тайёргарлик курсларини ўтказиш вақти ва жойини белгилайди ҳамда номзодларни ҳудудлар бўйича тақсимлайди.
  2. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида яшовчи номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш бевосита Марказ томонидан амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва қолган вилоятларда яшовчи номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, вилоятлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза Қилиш бошқармалари (бундан буён матнда ҳудудий бошқармалар деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

  1. Марказ буюртмачиларни махсус тайёргарлик курслари бошланишидан 10 кун аввал махсус тайёргарлик курсларини ўтказиш муддатлари тўғрисида хабардор қилиши лозим.
  2. Буюртмачилар номзодларнинг ўқишга Марказ томонидан белгиланган муддатларда етиб келишларини таъминлашлари лозим.
  3. Махсус тайёргарлик курсларида ўқитиш Қўмита томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлар бўйича амалга оширилади.
  4. Махсус тайёргарлик курсларида ўқитиш муддати 1 ҳафта — 36 соатни ташкил этади.
  5. Махсус тайёргарлик курслари кундузги шаклда амалга оширилади.

Асосий иш жойига эга бўлган номзодлар махсус тайёргарлик курсларига ишдан ажратилган ҳолда жалб қилинади.

  1. Махсус тайёргарлик курсларида номзодларга экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва жамоатчилик назорати тўғрисидаги билимлар ҳамда давлат экологик дастурлари ва бошқа экологик тадбирларни амалга оширилишида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг иштироки юзасидан таянч тушунча ва билимлар берилади.
  2. Ўқув жараёни 60 нафаргача бўлган номзодлардан иборат ўқув гуруҳларига бўлинган ҳолда, Марказ раҳбари томонидан тасдиқланган машғулотлар жадвали асосида олиб борилади.
  3. Номзодларни махсус тайёргарликдан ўтказиш жараёнига тегишли олий таълим муассасалари ўқитувчилари, Қўмита тизими ходимлари ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг тажрибали мутахассислари жалб қилиниши мумкин.
  4. Номзод махсус тайёргарлик курсларига узрли сабабларга кўра кела олмаган тақдирда, у 6 ой ичида навбатдаги махсус тайёргарлик курсларига қабул қилиш тўғрисида ариза билан Марказга мурожаат қилади.

Марказ томонидан номзоднинг аризаси қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда кўриб чиқилиб, навбатдаги махсус тайёргарлик курсларидан ўтиши лозим бўлган номзодлар рўйхатига киритилади ҳамда бу ҳақда буюртмачи 3 кун ичида хабардор қилинади.

  1. Номзодлар қуйидаги ҳолларда махсус тайёргарлик курсларидан четлаштирилади:

ўз хоҳишига биноан;

сабабсиз 6 соат дарс қолдирганда;

саломатлиги туфайли (тиббий маълумотнома асосида);

вафот этган тақдирда.

  1. Марказ номзодни махсус тайёргарлик курсларидан четлаштирилганлиги тўғрисида буюртмачини 3 кун ичида хабардор қилиши лозим.
  2. Номзодлар ўқув режа ва дастурни тўлиқ ўзлаштириб бўлгандан сўнг, уларга махсус тайёргарлик курсларидан муваффақиятли ўтганлиги тўғрисида сертификат берилади ва ушбу сертификат номзодга экологик назоратнинг жамоатчи инспектори гувоҳномаси берилишига асос бўлади.

3-боб. Якуний қоидалар

  1. Мазкур Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
  2. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Қишлоқ ҳўжалиги вазирлиги, Сув ҳўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат ветеринария қўмитаси, «Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси, Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси, Ўзбекистон экологик ҳаракати, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ва Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси билан келишилган.

Соғлиқни сақлаш вазири

А. ШАДМАНОВ

2018 йил 18 июнь

Ички ишлар вазири

П. БОБОЖОНОВ

2018 йил 18 июнь

Қишлоқ хўжалиги вазири

Б. ЮСУПОВ

2018 йил 18 июнь

Сув хўжалиги вазири

Ш. ХАМРАЕВ

2018 йил 18 июнь

Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси

А. АБДУЛЛАЕВ

2018 йил 18 июнь

Давлат ветеринария қўмитаси раиси в.б

Б. НОРҚОБИЛОВ

2018 йил 18 июнь

«Саноатгеоконтехназорат» давлат инспекцияси бошлиғи

Б. ГУЛЯМОВ

2018 йил 18 июнь

Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи

И. ЭРГАШЕВ

2018 йил 18 июнь

Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси

Б. АЛИХОНОВ

2018 йил 18 июнь

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари

Ш. ЖАВЛОНОВ

2018 йил 18 июнь

Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси кенгаши раиси

И. НАСРИЕВ

2018 йил 18 июнь

 

(Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 23.07.2018 й., 10/18/3041/1551-сон)