ЦEНТР ПЕРЕПОДГОТОВКИ И ПОВЫШЕНИЯ КВАЛИФИКАЦИИ РАБОТНИКОВ, ОСУЩЕСТВЛЯЮЩИХ ДЕЯТЕЛЬНОСТЬ В СФЕРЕ ЭКОЛОГИИ И ОХРАНЫ ОКРУЖАЮЩЕЙ СРЕДЫ РЕСПУБЛИКИ УЗБЕКИСТАН

O’ZBEKISTON RESPUBLIKASI EKOLOGIYA VA ATROF-MUHITNI MUHOFAZA QILISH DAVLAT QO’MITASI HUZURIDAGI ATROF-MUHITNI MUHOFAZA QILISH SOHASIDA FAOLIYAT KO’RSATAYOTGAN ХODIMLARNI QAYTA TAYYORLASH VA ULARNING MALAKASINI OSHIRISH MARKAZI

Ilg'or ta'lim texnologiyalari

Jahon standartlari



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

28.12.1993 й.

N 1006-XII

 

 

Ҳужжатнинг рус тилидаги

матнига қаранг

 

 

МАҲСУЛОТЛАР ВА ХИЗМАТЛАРНИ

СЕРТИФИКАТЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА

 

Мазкур Қонунга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган

ЎзР 31.08.2000 й. 125-II-сон Қонуни,

ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни,

ЎзР 06.04.2006 й. ЎРҚ-31-сон Қонуни,

ЎзР 10.10.2006 й. ЎРҚ-59-сон Қонуни,

ЎзР 07.10.2013 й. ЎРҚ-355-сон Қонуни

 

 

Муқаддима

I боб. Умумий қоидалар (1 – 6-моддалар)

II боб. Сертификатлаштириш фаолиятига

доир умумий талаблар (7 – 9-моддалар)

III боб. Маҳсулотларни мажбурий ва ихтиёрий

сертификатлаштириш (10 – 19-моддалар)

IV боб. Низоларни қараб чиқиш. Сертификатлаштириш

тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик

учун жавобгарлик (20 – 23-моддалар)

 

 

Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикасида маҳсулотлар, хизматлар ва бошқа объектларни (матнда бундан кейин «маҳсулотлар» деб юритилади) сертификатлаштиришнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини, шунингдек сертификатлаштириш иштирокчиларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилаб беради.

 

 

I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1-модда. Асосий тушунчалар

2-модда. Сертификатлаштиришнинг мақсад ва вазифалари

3-модда. Сертификатлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

4-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар

5-модда. Ўзбекистон Республикасининг сертификатлаштириш органлари

6-модда. Сертификатлаштириш объектлари ва субъектлари

 

 

1-модда. Асосий тушунчалар

 

Мазкур Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар ишлатилмоқда:

 

«сертификатлаштириш миллий тизими» – давлат миқёсида амал қиладиган, сертификатлаштириш ўтказишда ўз тартиб ва бошқарув қоидаларига эга бўлган тизим;

 

«маҳсулотларни сертификатлаштириш» (матнда бундан кейин «сертификатлаштириш» деб юритилади) – маҳсулотларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлашга оид фаолият;

 

«мувофиқлик сертификати» – сертификатланган маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш учун сертификатлаштириш тизими қоидаларига биноан берилган ҳужжат;

 

«мувофиқлик белгиси» – муайян маҳсулот ёхуд хизмат аниқ стандартга ёки бошқа норматив ҳужжатга мос эканлигини кўрсатиш учун маҳсулотга ёхуд кўрсатилган хизматга доир ҳужжатга қўйиладиган, белгиланган тартибда рўйхатга олинган белги;

 

«бир турдаги маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) сертификатлаштириш тизими» – айни бир хил стандартлар ва қоидалар қўлланиладиган муайян маҳсулотлар, ишлар ёки хизматларга тааллуқли сертификатлаштириш тизими;

 

«синов лабораториясини аккредитация қилиш» – синов лабораториясининг (марказининг) муайян маҳсулот синовини ёки муайян синов турини амалга оширишга доир ваколатларининг расмий эътирофи;

 

«сифат бўйича эксперт-аудитор» – қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда аккредитация қилинган, сертификатлаштириш, аккредитация қилиш ва текшириш соҳасидаги ишларни олиб бориш учун тегишли малакаси бўлган мутахассис; (ЎзР 31.08.2000 й. 125-II-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

 

«сертификатлаштириш соҳасидаги текширув органи» – белгиланган тартибда аккредитация қилинган, сертификатланган маҳсулот ва сифатни бошқариш тизимини баҳолашни сертификатлаштириш органлари топшириғига биноан амалга оширувчи орган; (ЎзР 31.08.2000 й. 125-II-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

 

«назорат йўсинидаги текширув» – белгиланган талабларга мувофиқлигини сертификатлаштириш ва аккредитация қилиш чоғида тасдиқлаш мақсадида сертификатланган маҳсулот, сифатни бошқариш тизимини ёки ишлаб чиқаришни, сертификатлаштириш органлари, синов лабораториялари (марказлари) фаолиятини такрорий баҳолаш таомили. (ЎзР 31.08.2000 й. 125-II-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

 

 

2-модда. Сертификатлаштиришнинг мақсад ва вазифалари

 

Сертификатлаштириш:

одамларнинг ҳаёти, соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулки ҳамда атроф-муҳит учун хавфли бўлган маҳсулотлар реализация қилинишини назорат этиб бориш;

маҳсулотларнинг жаҳон бозорида рақобат қила олишини таъминлаш;

мамлакат корхоналари, қўшма корхоналар ва тадбиркорлар халқаро миқёсдаги иқтисодий, илмий-техникавий ҳамкорликда ва халқаро савдо-сотиқда иштирок этишлари учун шароит яратиш;

истеъмолчини тайёрловчининг (сотувчининг, ижрочининг) виждонсизлигидан ҳимоя қилиш;

маҳсулот тайёрловчиси (сотувчиси, ижрочиси) таъкидлаган сифат кўрсаткичларини тасдиқлаш мақсадларида амалга оширилади.

Сертификатлаштириш мажбурий ва ихтиёрий тусда бўлади.

 

 

3-модда. Сертификатлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

 

Сертификатлаштириш соҳасидаги муносабатлар мазкур Қонун ва унга мувофиқ чиқариладиган Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан, Қорақалпоғистон Республикасида эса – Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан ҳам тартибга солинади.

 

 

4-модда. Халқаро шартномалар ва битимлар

 

Башарти, халқаро шартнома ёки битимда сертификатлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан ўзгача қоидалар белгиланган бўлса, у ҳолда халқаро шартнома ёки битимнинг қоидалари қўлланилади.

 

 

5-модда. Ўзбекистон Республикасининг

сертификатлаштириш органлари

 

Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (бундан буён матнда «Ўзстандарт» агентлиги деб юритилади) Ўзбекистон Республикасининг миллий сертификатлаштириш органидир. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

«Ўзстандарт» агентлиги мазкур Қонунга мувофиқ: (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

сертификатлаштириш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширади, сертификатлаштириш ўтказиш юзасидан умумий қоидаларни белгилайди, улар тўғрисида расмий ахборотлар эълон қилиб боради;

сертификатлаштириш тизимини такомиллаштириш дастурларининг лойиҳаларини ишлаб чиқади ҳамда уларни Ҳукумат муҳокамасига тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда сертификатлаштиришнинг халқаро тизимларига қўшилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади, шунингдек сертификатлаштириш натижаларини ўзаро эътироф этиш тўғрисида битимлар тузади, сертификатлаштириш масалалари бўйича бошқа давлатлар билан ўзаро муносабатларда ва халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради;

мажбурий равишда сертификатланадиган маҳсулотларнинг рўйхатини белгилайди ва уни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиғига киритади; (ЎзР 06.04.2006 й. ЎРҚ-31-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

бир турдаги маҳсулотларни сертификатлаштириш органларини, синов лабораторияларини (марказларини), сертификатлаштириш соҳасидаги текширув органларини, шунингдек сифат бўйича эксперт-аудиторларни аккредитация қилади; (ЎзР 31.08.2000 й. 125-II-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

сертификатланган маҳсулотларнинг, сифатни бошқариш тизимларининг, аккредитация қилинган сертификатлаштириш органларининг, синов лабораторияларининг (марказларининг), сифат бўйича эксперт-аудиторларнинг Давлат реестрини юритади; (ЎзР 06.04.2006 й. ЎРҚ-31-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)

бир турдаги маҳсулотларни сертификатлаштиришга аккредитация қилинган органлар ва синов лабораториялари (марказлари) сертификатлаштириш қоидаларига риоя этиши устидан ва сертификатланган маҳсулотлар устидан давлат текшируви ва назоратини амалга оширади;

қонун ҳужжатларининг нормалари бузилганлиги учун мувофиқлик сертификатлари ва мувофиқлик белгиларини бекор қилади ҳамда амал қилишини тўхтатиб қўяди, сертификатлаштириш органларининг аккредитация қилинганлик тўғрисидаги гувоҳномаларини бекор қилади, синов лабораторияларининг (марказларининг) фаолиятини тугатади.

«Ўзстандарт» агентлигининг сертификатлаштириш соҳасидаги фаолиятини молиявий таъминлаш манбаи – давлат бюджети маблағи, шунингдек «Ўзстандарт» агентлиги кўрсатаётган хизмат учун олинадиган ҳақдан иборат. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Бир турдаги маҳсулотларни сертификатлаштиришга аккредитация қилинган органлар:

бир турдаги маҳсулотларни сертификатлаштириш тизимларини тузадилар ва уларнинг амал қилишини таъминлайдилар;

сертификатлаштиришни ташкил этадилар ва ўтказадилар;

миллий мувофиқлик сертификатларини расмийлаштирадилар, берадилар ёки чет эл мувофиқлик сертификатларини эътироф этадилар;

сертификатланган маҳсулотлар устидан назоратни амалга оширадилар.

Синов лабораторияларини (марказларини) ва сертификатлаштириш органларини аккредитация қилиш билан боғлиқ сарф-харажатларни аризачи қоплайди.

Тегишли сертификатлаштириш тизими белгилаган тартибда аккредитация қилинган синов лабораториялари (марказлари) муайян маҳсулотларнинг синовини ёки муайян синов турини амалга оширадилар ҳамда сертификатлаштириш мақсадлари учун баённомалар берадилар.

«Ўзстандарт» агентлиги ўз вазифаларининг бир қисмини бир турдаги маҳсулотларни сертификатлаштириш органларига ва синов лабораторияларига (марказларига) ўтказишга ҳақлидир. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

 

 

6-модда. Сертификатлаштириш объектлари ва субъектлари

 

Маҳсулотлар (шу жумладан, дастурий ва бошқа илмий-техникавий маҳсулотлар), хизматлар, шунингдек сифат тизимлари сертификатлаштириш объектлари ҳисобланади.

«Ўзстандарт» агентлигининг ўзи, унинг томонидан аккредитация қилинган ёки эътироф этилган сертификатлаштириш органлари, синов лабораториялари (марказлари), сертификатлаштириш соҳасидаги текширув органлари, сифат бўйича эксперт-аудиторлар, шунингдек маҳсулоти сертификатлаштирилиши лозим бўлган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жисмоний шахслар сертификатлаштириш субъектларидир. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)

Сертификатлаштириш субъектлари – юридик шахслар сертификатлаштириш миллий тизими доирасида сертификатлаштириш тизимлари тузишлари мумкин. Юридик шахсларнинг сертификатлаштириш тизимлари «Ўзстандарт» агентлиги белгилаган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

 

 

II БОБ. СЕРТИФИКАТЛАШТИРИШ

ФАОЛИЯТИГА ДОИР УМУМИЙ ТАЛАБЛАР

 

7-модда. Мувофиқлик сертификати ва мувофиқлик белгиси

8-модда. Сертификатлаштириш фаолиятини амалга ошириш

9-модда. Сертификатлаштириш тўғрисида ахборот

 

 

7-модда. Мувофиқлик сертификати ва мувофиқлик белгиси

 

Маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлиги тасдиқлангани тақдирда сертификатлаштириш органи мувофиқлик сертификати беради, тайёрловчи ана шу сертификат асосида мувофиқлик белгисини ишлатиш ҳуқуқига эга бўлади.

Сертификатлаштириш тизимида фойдаланиладиган мувофиқлик сертификатларининг, аккредитация қилинганлик тўғрисидаги гувоҳномаларнинг намуналари, миллий мувофиқлик белгисининг шакллари ва ҳажмлари «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тасдиқланади. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Мувофиқлик сертификатлари, мувофиқлик белгилари, сертификатлаштириш органлари ва синов лабораторияларининг (марказларининг) аккредитация қилинганлик тўғрисидаги гувоҳномалари «Ўзстандарт» агентлиги томонидан белгиланган тартибда Давлат реестридан ўтказилиши шарт. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Давлат реестрида рўйхатдан ўтказилмаган мувофиқлик сертификатлари, мувофиқлик белгилари, сертификатлаштириш органлари ва синов лабораторияларининг (марказларининг) аккредитация қилинганлик тўғрисидаги гувоҳномалари ҳақиқий эмас.

Мувофиқлик сертификатидан, мувофиқлик белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини ҳамда сертификатлаштириш органлари ва синов лабораторияларининг (марказларининг) аккредитация қилинганлик тўғрисидаги гувоҳномаларини аризачи бошқа юридик ёки жисмоний шахсга бериши ман этилади.

 

 

8-модда. Сертификатлаштириш фаолиятини амалга ошириш

(ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги модда)

(Олдинги таҳририга қаранг)

 

Бир турдаги маҳсулотларни сертификатлаштиришга аккредитация қилинган органлар ва синов лабораториялари (марказлари) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилган аккредитация тўғрисидаги гувоҳнома асосида сертификатлаштириш фаолиятини ҳамда сертификатлаштириш мақсадида синовлар ўтказиш фаолиятини амалга оширадилар.

Маҳсулотлар сертификатлаштирилаётганда аризачига сертификатни ёки мувофиқлик белгисини қўллаш ҳуқуқи мувофиқлик сертификатини берган аккредитация қилинган тегишли сертификатлаштириш органи билан тузилган битим асосида берилади.

 

 

9-модда. Сертификатлаштириш тўғрисида ахборот

 

«Ўзстандарт» агентлиги тайёрловчиларни (ижрочиларни), сотувчиларни, истеъмолчиларни ва бошқа манфаатдор шахсларни сертификатлаштиришнинг амалдаги тизимлари, уларнинг органлари, синов лабораториялари (марказлари), экспертлар тўғрисида, шунингдек мувофиқлик сертификатлари, мувофиқлик белгилари ва уларни қўллаш қоидалари тўғрисида хабардор этиб боради. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Сертификатлаштириш органлари аризачига унинг талабига биноан маҳсулотни сертификатлаштириш учун керакли ахборотни беришлари шарт.

Аризачи сертификатлаштириш органининг талабига биноан сертификатлаштириш билан боғлиқ ахборотни тақдим этиши шарт, тижорат сири ҳисобланган маълумотлар бундан мустасно.

 

 

III БОБ. МАҲСУЛОТЛАРНИ МАЖБУРИЙ

ВА ИХТИЁРИЙ СЕРТИФИКАТЛАШТИРИШ

 

10-модда. Мажбурий сертификатлаштиришни жорий этиш

11-модда. Мажбурий сертификатлаштиришни ўтказиш шартлари

12-модда. Мажбурий сертификатлаштирилиши лозим

бўлган маҳсулотларга қўйиладиган талаблар

13-модда. Тайёрловчиларнинг (тадбиркорларнинг) маҳсулотларни

мажбурий сертификатлаштириш вақтидаги мажбуриятлари

14-модда. Четдан олиб келинадиган ва четга олиб чиқиб

кетиладиган маҳсулотларни мажбурий сертификатлаштириш

15-модда. Мажбурий сертификатлаштириш ишларининг

давлат томонидан молиявий таъминоти

16-модда. Мажбурий сертификатлаштириш қоидаларига риоя

этилишини давлат томонидан текшириш ва назорат қилиш

16-1-модда. Назорат йўсинидаги текширув

17-модда. Ихтиёрий сертификатлаштириш

18-модда. Ихтиёрий сертификатлаштиришни

амалга оширувчи субъектлар

19-модда. Ихтиёрий сертификатлаштириш тизимлари

 

 

10-модда. Мажбурий сертификатлаштиришни жорий этиш

 

Мажбурий сертификатлаштиришни ўтказиш ишларини ташкил этиш «Ўзстандарт» агентлиги зиммасига ёки унинг топшириғига биноан бошқа сертификатлаштириш органларига (уларни албатта аккредитация қилган ҳолда) юклатилади. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Сертификатлаштирилиши шарт бўлган маҳсулотларнинг рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди.

Одамларнинг ҳаёти, соғлиғи, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга зарар етказиши мумкин бўлган маҳсулотларни тайёрлаш, улардан фойдаланиш, уларни ташиш ёки сақлаш хавфсизлигини таъминловчи талаблар бўлмаган тақдирда «Ўзстандарт» агентлиги давлат бошқарувининг тегишли органлари билан биргаликда бундай талабномаларнинг кечиктирмай ишлаб чиқилиши ва амалга киритилишини таъминлайди. (ЎзР 06.04.2006 й. ЎРҚ-31-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

 

 

11-модда. Мажбурий сертификатлаштиришни ўтказиш шартлари

 

Мажбурий сертификатлаштириш ишлаб чиқаришни текширишни, маҳсулот хусусияти норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини аниқлаш учун уни синашни, назорат йўсинидаги текширувни ва сертификатланган маҳсулот устидан назоратни ўз ичига олади. (ЎзР 31.08.2000 й. 125-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Синовлар аккредитация қилинган синов лабораториялари (марказлари) томонидан тегишли норматив ҳужжатларда белгиланган усулларда, бундай ҳужжатлар бўлмаган тақдирда эса тегишли сертификатлаштириш органлари ишлаб чиққан усулларда амалга оширилади.

Мажбурий сертификатлаштириш ишлари учун аризачи қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда ҳақ тўлайди.

Аризачи ўз маҳсулотини мажбурий сертификатлаштиришдан ўтказишга сарфлаган маблағлар суммаси шу маҳсулот таннархига қўшилади.

Мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган, аммо мувофиқлик сертификатига эга бўлмаган маҳсулотни тарғиб қилиш ман этилади.

 

 

12-модда. Мажбурий сертификатлаштирилиши

лозим бўлган маҳсулотларга қўйиладиган талаблар

 

Мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотлар қуйидаги ҳолларда:

сертификатлаштиришга тақдим этилмаган бўлса;

сертификатлаштириш талабларига мувофиқ эмаслиги сабабли сертификатлаштиришдан ўтмаган бўлса;

агар сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган ёки унинг амал қилиши тўхтатиб қўйилган (бекор қилинган) бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилиниши мумкин эмас.

Қонунга хилоф тарзда мувофиқлик белгиси босилган маҳсулотларни реализация қилиш ман этилади.

 

 

13-модда. Тайёрловчиларнинг (тадбиркорларнинг)

маҳсулотларни мажбурий сертификатлаштириш

вақтидаги мажбуриятлари

 

Мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотларни реализация қилувчи тайёрловчилар (тадбиркорлар):

мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотни сертификатлаштиришга тақдим этишлари;

сертификатланган маҳсулотни сертификатлаш органларининг ўзи ёки улар эътироф этган органлар берган сертификат мавжуд бўлган тақдирдагина реализация қилишлари ва унинг норматив ҳужжатлар талабларига мос бўлишини таъминлашлари;

сертификатланган маҳсулотни, башарти, у норматив ҳужжат талабларига мувофиқ келмаса, шунингдек сертификатнинг амал қилиш муддати тугаган ёхуд унинг амал қилиши сертификатлаштириш органининг қарори билан тўхтатиб қўйилган ёки бекор қилинган бўлса, реализация қилишни тўхтатиб қўйишлари ёки тугатишлари;

мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотни сертификатлаштирувчи ва сертификатланган маҳсулотни назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари ўз ваколатларини монеликсиз бажаришлари учун шароит яратишлари;

сертификатланган маҳсулот ишлаб чиқаришнинг техникавий ҳужжатларига ёки технологик жараёнига киритилган ўзгартишлар ҳақида сертификатлаштириш органини белгиланган тартибда хабардор этишлари;

илова қилинган техник ҳужжатда маҳсулот мувофиқ келиши лозим бўлган сертификатлаштириш тўғрисидаги маълумотларни ҳамда норматив ҳужжатларни кўрсатишлари ва бу маълумотлар истеъмолчи (харидор, буюртмачи) эътиборига етказилишини таъминлашлари шарт.

 

 

14-модда. Четдан олиб келинадиган ва четга олиб чиқиб

кетиладиган маҳсулотларни мажбурий сертификатлаштириш

 

Мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикасига етказиб бериш учун тузиладиган контрактлар (шартномалар) шартида маҳсулотларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи, «Ўзстандарт» агентлиги томонидан берилган ёки эътироф этилган мувофиқлик сертификатлари ва мувофиқлик белгилари бўлиши назарда тутилиши керак. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Миллий мувофиқлик сертификатлари ва мувофиқлик белгилари ёки бошқа давлатларнинг «Ўзстандарт» агентлиги томонидан эътироф этилган мувофиқлик сертификатлари ва мувофиқлик белгилари аризачи (маҳсулот етказиб берувчи) томонидан божхона назорати органларига юкка тааллуқли божхона декларацияси билан биргаликда тақдим этилади ва улар маҳсулотни республика ҳудудига олиб киришга рухсатнома олиш учун зарур ҳужжатлар ҳисобланади. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Четдан олиб келинаётган маҳсулотнинг хавфсиз эканлигини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган тақдирда божхона назорати органлари бу хусусда «Ўзстандарт» агентлигини хабардор этадилар ҳамда маҳсулотни сертификатлаштиришдан ўтказиш ёки чет эл сертификатини эътироф этиш тўғрисидаги масала сертификатлаштириш миллий тизими қоидаларига мувофиқ ҳал этилгунга қадар бу маҳсулотни четдан олиб киришни тақиқлаб қўядилар. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Сертификатлаштирилиши шарт бўлган маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.

 

 

15-модда. Мажбурий сертификатлаштириш

ишларининг давлат томонидан молиявий таъминоти

 

Қуйидаги ишлар:

сертификатлаштиришни ривожлантиришнинг истиқболларини, уни ўтказиш қоидалари ва тавсияларини ишлаб чиқиш;

сертификатлаштириш соҳасида расмий ахборотлар билан таъминлаш;

халқаро (минтақавий) сертификатлаштириш ташкилотлари ишида қатнашиш ҳамда чет эл миллий сертификатлаштириш органлари билан биргаликда ишлар ўтказиш;

сертификатлаштириш юзасидан халқаро (минтақавий) қоидалар ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда уларни ишлаб чиқишда қатнашиш;

сертификатлаштириш юзасидан умумдавлат аҳамиятига молик илмий-тадқиқот ишлари ва бошқа ишлар олиб бориш;

сертификатлаштириш қоидаларига риоя этилиши устидан ҳамда сертификатланган маҳсулот устидан давлат текшируви ва назорати олиб бориш ишлари давлат томонидан молиявий таъминланади.

 

 

16-модда. Мажбурий сертификатлаштириш қоидаларига

риоя этилишини давлат томонидан текшириш ва назорат қилиш

 

Тайёрловчиларнинг (тадбиркорларнинг, сотувчиларнинг, ижрочиларнинг) мажбурий сертификатлаштириш қоидаларига риоя этишлари устидан давлат текшируви ва назоратини «Ўзстандарт» агентлигининг давлат инспекторлари қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда амалга оширади. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги модда) (Олдинги таҳририга қаранг)

 

 

16-1-модда. Назорат йўсинидаги текширув

 

Сертификатланган маҳсулот, сифатни бошқариш тизимлари, ишлаб чиқариш, аккредитация қилинган синов лабораториялари (марказлари), сертификатлаштириш органлари устидан назорат йўсинидаги текширувни сифат бўйича эксперт-аудиторлар «Ўзстандарт» агентлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширади. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги модда) (Олдинги таҳририга қаранг)

 

 

17-модда. Ихтиёрий сертификатлаштириш

 

Ҳар қандай маҳсулот норматив ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ эканлигини тасдиқлаш учун у юридик ва жисмоний шахснинг ташаббуси билан ихтиёрий сертификатлаштиришдан ўтказилиши мумкин.

 

 

18-модда. Ихтиёрий сертификатлаштиришни

амалга оширувчи субъектлар

 

Ихтиёрий сертификатлаштиришни «Ўзстандарт» агентлиги белгилаб қўйган тартибда аккредитация қилинган юридик ва жисмоний шахслар амалга оширишга ҳақлидир. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги модда)

 

 

19-модда. Ихтиёрий сертификатлаштириш тизимлари

 

Сертификатлаштириш қоидалари ва тартибини белгиловчи ихтиёрий сертификатлаштириш тизимларини аккредитация қилинган органлар «Ўзстандарт» агентлиги билан келишган ҳолда белгилайдилар. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги модда)

 

 

IV БОБ. НИЗОЛАРНИ ҚАРАБ ЧИҚИШ.

СЕРТИФИКАТЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН

ҲУЖЖАТЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

 

20-модда. Мазкур Қонунни қўллаш билан боғлиқ низоларни қараб чиқиш

21-модда. Шикоятларни қараб чиқиш

22-модда. Сертификатлаштириш органларининг ва синов

лабораторияларининг (марказларининг) жавобгарлиги

23-модда. Тайёрловчиларнинг (тадбиркорларнинг) мажбурий

сертификатлаштириш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлиги

 

 

20-модда. Мазкур Қонунни қўллаш билан

боғлиқ низоларни қараб чиқиш

 

Мазкур Қонунни қўллаш билан боғлиқ низолар суд томонидан Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда қараб чиқилади.

 

 

21-модда. Шикоятларни қараб чиқиш

 

Сертификатлаштириш натижаларидан норози бўлган тақдирда манфаатдор томон «Ўзстандарт» агентлигининг Шикоятларни қараб чиқиш кенгашига мурожаат этишга ҳақлидир. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Шикоятларни қараб чиқиш кенгаши тўғрисидаги низомни «Ўзстандарт» агентлиги ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

«Ўзстандарт» агентлигининг Шикоятларни қараб чиқиш кенгаши сертификатлаштириш органлари ва синов лабораторияларининг (марказларининг) қарорлари устидан берилган шикоят аризаларини қараб чиқади. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм)

Шикоят аризалари икки ҳафта ичида қараб чиқилади.

«Ўзстандарт» агентлигининг, Шикоятларни қараб чиқиш кенгашининг қарорлари устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судга шикоят қилиш мумкин. (ЎзР 25.04.2003 й. 482-II-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)

 

 

22-модда. Сертификатлаштириш органларининг ва синов

лабораторияларининг (марказларининг) жавобгарлиги

 

Сертификатлаштириш органи:

мувофиқлик сертификатини асоссиз ва қонунга хилоф тарзда берганлик учун;

аризачига нисбатан қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар қилганлик учун;

аризачининг тижорат сири ҳисобланган маълумотларни ошкор этганлик учун жавобгар бўлади.

Аккредитация қилинган синов лабораторияси (маркази) сертификатлаштириш органига синовларнинг натижалари ҳақида нотўғри маълумот берганлик учун жавобгар бўлади.

Сертификатлаштириш органлари ва синов лабораториялари (марказлари) мазкур моддада айтиб ўтилган хатти-ҳаракатлар натижасида аризачига етказилган зарарнинг ўрнини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўла ҳажмда қоплашлари шарт.

 

 

23-модда. Тайёрловчиларнинг (тадбиркорларнинг) мажбурий

сертификатлаштириш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлиги

 

Тайёрловчилар (тадбиркорлар) мажбурий сертификатлаштириш қоидаларини бузганлик учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар.

Мажбурий сертификатлаштирилиши лозим бўлган сертификатлаштирилмаган маҳсулотни реализация қилганлик учун тайёрловчининг (тадбиркорнинг) мансабдор шахслари, шунингдек якка тартибдаги тадбиркор – тайёрловчилар маъмурий жавобгарликка тортилади. (ЎзР 07.10.2013 й. ЎРҚ-355-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)

Маъмурий жазо чораси қўлланилганлиги тайёрловчиларни (тадбиркорларни) мажбурий сертификатлаштиришни ўтказишдан озод қилмайди. (ЎзР 07.10.2013 й. ЎРҚ-355-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)

 

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                   И. Каримов

 

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши ахборотномаси, 1994 йил, N 2, 50-модда